МИХАИЛ ИВАНОВИЧ ГЛИНКА
Раззақов Камолбек Нариманович
Хива шаҳар 2-ИДУМ
мусиқа фани ўқитувчиси
Хива, Хоразм, Ўзбекистон
Аннотатсия: Глинкани ҳақли равишда рус мумтоз операси ва романсининг яратувчиси, рус мумтоз симфонизмнинг асосчиси, деб айта оламиз. Асосан миллийлик ва бошқа халқларнинг руҳият оламини, хусусан Шарқ, Италия, Испан мавзулари унинг ижодида ҳақиқий қиёфада “жонланади”.
Калит сўзлар: Глинка, маданият, санъат, мусиқа, композитор, илм-фан, дарслик.
Михаил Иванович Глинка - рус мумтоз мусиқасига асос солган буюк композитор. Унинг рус мусиқаси тарихида тутган ўрнини Александр Сергеевич Пушкиннинг рус адабиётига қўшган ҳиссаси билан қиёслаш мумкин. Рус танқидчи - адабиётшуноси Белинскийнинг айтишича, Глинка, Пушкин сингари, “…нафис инсоний туйғуларни равон шакл билан уйғунлаштира олган”.
Шоир ва композиторнинг мана шу хусусияти унинг ижодини ҳақиқий мумтоз бадиий ижод намунасига айлантирдики, у чуқур ички ҳақиқат ва кенг мазмуннинг ёрқин, қатъий ва мукаммал шакл билан муштараклигига асосланади.
Буюк рус композитори Михаил Иванович Глинка 1804 йилнинг 20 майида Смоленск губернасининг Новоспасск қишлоғида туғилган. У нимжон ва касалманд бола эди.
Глинканинг дастлабки мусиқа таассуротлари халқ қўшиқлари билан боғлиқдир. Ҳали болалик даврлариданоқ Глинка профессонал мусиқа билан шуғулланади: крепостной оркестр контсертларини тинглайди, кўпинча ўзи ҳам бундай контсертларда созанда сифатида бевосита иштирок қилади. У фортепиано ва скрипка чалишни жуда эрта бошлади. Глинканинг ёшлик йиллари Петербургда ўтади.
1818 - 1822 йилларда Бош педагогика институтининг Улуғвор пансиони (ўқувчиларни ётоқхона, озиқ - овқат, кийим – бош билан таъминлайдиган ўрта ўқув юрти)да таҳсил олади. Пансиондаги машғулотлар Глинка дунёқарашининг шаклланишига ижобий таъсир қилади, чунки бу ерда унинг ўқитувчилари тараққийпарвар фикрли олимлар, тарбиячиси эса олдинги декабрист, Александр Сергеевич Пушкиннинг дўсти В. К. Кюхелбекер эди. Кюхелбекер Глинкада халққа бўлган меҳр - муҳаббат ва халқ учун ҳар қандай хизмат қилишга тайёр бўлиш ҳис - туйғуларини ривожлантирган.
Глинка фортепиано бўйича Жон Филд (ирландиялик пианиночи, композитор ва педагог) ва ва Шарл Маер (немис пианиночиси, композитор ва педагог, Жон Филднинг шогирди)дан дарс олади.
1820 йилларда Глинка Петербург мусиқа оламида пианиночи, ашулачи сифатида шуҳрат қозонади. Унинг дастлабки камер - чолғу, оркестр, фортепиано ва вокал асарлари ҳам шу даврга тегишлидир. Айниқса, Глинканинг алоҳида, ёрқин қобилияти романс жанрида намоён бўлади).
Глинканинг Александр Сергеевич Пушкин, В.А.Жуковский, В.Ф.Одоевский каби олдинги декабристлар билан бўлган ижодий алоқалари унда прогрессив эстетик қарашларни ва ижодий тамойилларнинг шаклланишига ёрдам қилади.
1830 - 1834 йилларда Глинка Европанинг Италия, Австрия, Германия каби давлатлари бўйлаб саёҳатга чиқади ва саёҳат давомида бир қатор асарлар яратади.
Глинка ижодида деярли барча мусиқий жанрлар, биринчи навбатда эса опера жанри акс этган. “Иван Сусанин” ва “Руслан ва Людмила” каби опералар рус операсининг классик даврини очиб берди ва унинг бошланишини халқ мусиқа драмаси, эртак - опера ва достон - опера каби асосий йўналишларга қўйиб берди. Глинканинг янгиликларга интилиши, бошқача айтганда унинг новаторлиги мусиқий драматургия соҳасида ҳам яққол кўзга ташланди: рус мусиқасида у биринчилардан бўлиб операда сўзлашув диалогларидан тамомила воз кечиб, уни тўлиқ симфоник ривожлантириш усулини ўйлаб
топди. Унинг иккала операси учун ҳам халқпарвар - қаҳрамонлик йўналиш, кенг эпик - вазмин тузилиш, ҳашаматли хор саҳналари хосдир. Михаил Иванович Глинканинг “Иван Сусанин” операси - қаҳрамонлик руҳида ёзилган халқ мусиқали драмасидир.
Умрининг охирги йилларини Глинка гоҳ Петербургда, гоҳ Варшавада, Париж ва Берлинда ўтказади. Бу йиллари унинг энг яқин, вафодор дўсти - кичик синглиси Людмила Ивановна Шестакова эди. Людмила Ивановна Шестакова акасининг ўлимидан кейин бутун умрини унинг ижодини тарғиб қилишга бағишлайди. У Глинка ишининг давомчилари бўлган “Қудратли тўда” композиторлариниг яқин дўсти бўлиб қолади.
Михаил Иванович Глинка 1857 йил Берлинда вафот этади. Кейинчалик унинг хокини Петербургга олиб келишиб, Александро - Невский лавраси қабристонига дафн этишади.
Глинка романсларидаги самимийлик ва оддийлик, ҳис-туйғу ва кайфиятни ифодалашда соддалик ва босиқлик, шаклнинг классик уйғунлиги ва мутаносиблиги, куйнинг гўзаллиги, матн мазмунини доимо ифодали, ҳаққоний етказилиши ва ранг - баранг гармонияси каби барча хусусиятлар одамни ром қилади.
“Мусиқани халқ яратади, биз санъаткорлар эса унга фақат сайқал берамиз”
М. И. Глинка
Фойдаланилган адабиётлар:
Урманова Л.А. “Мусиқа тарихи”, - Т., 2011
Васина В.А. “Михаил Иванович Глинка”, - М., 1982
Левашева, А. Кандинский “История русской музики” - М.,1987
www.зиёуз.cом электрон кутубхонаси